[www.ozodlik.org]
[www.ozodlik.org]

 
Жума 15 Март 2002


[ news header ]

[ Ўзбекистон ]


[ Инсон ҳуқуқлари ] Хельсинки Комиссияси Ислом Каримовга Ўзбекистондаги инсон хуқуқларини поймол қилиш ҳолларига чек қўйиш мазмунидаги мактуб билан мурожаат қилди.

Мухтарам тингловчилар, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг АҚШга ташрифи давом этар экан, у билан учрашаётган Вашингтон расмийлари республикадаги инсон хуқуқлари вазияти масаласини кўтариб, Ўзбекистон рахбаридан аҳволни яхшилашга харакат қилиш хақдаги ваъдаларни кутмоқдалар. Айнан шу мақсадда 13 март куни АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Хельсинки комиссияси вакиллари Ўзбекистон Президентига инсон хуқуқлари вазияти хақдаги бир мактуб билан мурожаат қилдилар. Мавзу тафсилотлари Фарангис Саид лавҳасида.

Чоршанба куни Ўзбекистон президентининг Конгресс намоёндалари билан учрашуви чоғида АҚШнинг Хельсинки комисияси раисдоши, конгрессмен Кристофер Смит Комиссия вакиллари номидан ёзилган мактубни Ўзбекистон рахбарига топширди. Комиссиянинг саккиз вакили имзолаган ушбу мактубда Президент Каримов инсон хуқуқлари поймол этилиши ҳолларига имкон қадар тезроқ чек қўйиш даъват этилган. Раисдош Смит мактубни топширар экан, Ислом Каримов унда тилга олинган инсон хуқуқларининг поймол қилиниши ҳолларини ўрганиб чиқиб, уларга, хусусан махбусларни қийноқларга солиш амалиётига чек қўйиши кераклиги таъкидланади. Конргессменнинг маълум қилишича, Ўзбекистонлик махбусларнинг ҚШтатлардаги қариндошлари комиссиядан Ўзбекистон президентига улар номидан мурожаат қилиб, вазиятни ўзгартириш учун конкрет ишларни амалга оширишни талаб қилишни сўраганлар. Кристофер Смит шунингдек АҚШ Давлат Департаментининг куни кеча эълон қилинган инсон хуқуқлари хисоботида Ўзбекистон махбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётган мамлакат экани қайд этилганини айтиб ўтди. Бундай амалиётларга чек қўйиш учун Ислом Каримов АҚШ билан ҳамкорлик қилиши лозим деб таъкидлади Хельсинки комиссияси раисдоши Кристофер Смит.

Ўн йил олдин Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига қўшилган Ўзбекистонда минглаб одамлар дин-эътиқодлари ёки хукумат мафкурасига мухолиф бўлган сиёсий қарашлари учун хибисга олиниб, қийноқларга солинмоқдалар. Кристофер Смит Президент Каримовга Хельсинки комиссияси матубини топширар экан, унинг эътиборини Мамадали Махмудов ҳамда ака-ука Бекжоновлар тақдирига қаратганини айтади Хельсинки комиссияси вакиласи Дороти Дуглас Тафт.

“1999 йил август ойида шоир ва ёзувчи Мамадали Маҳмудов Президент шанива ғурурини камситувчи ҳамда давлат ва констиуцияга зид бўлган қарашларни тадбиқ этишга уринганликда айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Хибисга олинганидан сўнг ва жазо муддатини ўтаётган вақтда Маҳмудовнинг қийноқларга солингани хақда кўплаб ишончли маълумотлар мавжуд”.

Ўзбекистон Эрк демократик партияси раиси, хозирги кунда сиёсий мухожиратда яшашга мажбур бўлган Муҳаммад Солиҳнинг ака-укалари терроримз ва бошқа жиноятчиликларда айбланиб, қамоққа солинганлар.

“Комил, Рашид ва Муҳаммад Бекжоновларнинг қамоққа олинишининг асл ва ягона сабаби – Муҳаммад Солиҳнинг ака-укалари бўлганликларида деб ишонишга асос бўладиган сабаблар бор. Махбусларнинг оила аъзолари уч ака-ука қамоқхонада қийноқларга солинаётганларини таъкидлашмоқда. Рашид Бекжоновнинг кўзи чиқарилгани, Комил Бекжоновнинг тирноқлари суғириб олингани ва Муҳаммаднинг тишлари ҳамда оёғи синганини фақат қийноқлар натижаси деб айтиш мумкин”.

“Хавотирларга асос бераётган масала, деб давом этади Хельсинки комиссияси вакиласи Дороти Дуглас Тафт - Ўзбекистон хукумати томонидан мусулмонларга ўтказилаётган тазйиқлардир. Улар нодатлат ташкилотлар ҳамда АҚШ Давлат департаменти томонидан қайд этилган. Маълумотларга кўра, хозирги кунда диний ва сиёсий махбуслар сони 7 мингдан ошган. Хибисга олинганлар қўйилаётган айбларда инкор бўлишлари мақсадида қийноқларга солинадилар ёки ғойиб бўлишади”, деб ёзилади Хельсинки комиссиясининг Президент Каримовга йўллаган мактубида.

“Жиддий ташвишларга сабаб бўлаётган ҳол - хибисга олинганларнинг суд хукмисиз жазоланишларидир. Инсон хуқуқлари ташкилотлари ўтган йилда бундай ҳолларнинг камида бештасини қайд этганлар. Ўзбекистон хукумати махбуснинг юрак хасталиги ёки мия саратони боис ўлганини таъкидласа-да, синган суяклар ва тананинг кўплаб жойлари кўкаргани асл сабаб бошқалигидан далолатдир”, - деб таъкидлайди Дороти Дуглас Тафт.

Хельсинки комиссияси раиси Сенатор Бен Найтхорс Кэмпбелл, раисдош Кристофер Смит ва бошқа олти сенатор ва конгрессмен имзолаган мактубни қабул қилар экан, Президент Каримов Конргессмен Смит кўтарган масалаларни ўрганиб чиқишни ваъда бериб, Ўзбекистонда қийноқлар амалиёти хақиқатдан қўлланилишини тан олди ва у вазиятни ижобий тарафга ўзгартириш учун имкон қадар харакат қилажагини маълум қилди. Сўнг Ўзбекистон рахбари Хельсинки комиссияси раисдоши Кристофер Смитни Ўзбекистонга таклиф қилди.


 divider [ бошқа сарлавҳаларда ]


  [RFE/RL Logo]
[Navigation]
[www.ozodlik.org]
 
fonts news reports rubrics audio archive contact go-up homepage email print