[www.ozodlik.org]
[www.ozodlik.org]

 
2008 йил, 27 август, чоршанба


[ news header ]

[ архив ]


ШҲТ раҳбарлари Душанбеда тўпланди
28 август куни бу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити иш бошлайди.

Тожикистон пойтахтига биринчилардан бўлиб Хитой президенти Ху Цзинтао етиб келди. Шу куннинг ўзидаёқ у Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожи ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувдан сўнг ўзаро ҳамкорликка оид жами 13 та ҳужжат имзоланди.

Кузатувчилар фикрича, Грузиянинг икки айирмачи ўлкаси – Жанубий Осетия ва Абхазия масаласи саммитдаги асосий мавзулардан бири бўлади.

АҚШ кемаси Батумига инсонпарварлик ёрдами келтирди
24 август куни ҳам АҚШ ҳарбий кемаси грузияликларга инсонпарварлик ёрдами келтирган эди. Айни пайтда бу ҳарбий кеманинг Батуми шаҳрини тарк этгани, бироқ у Қора денгизда қолиши маълум бўлди.

Шунингдек, Россия ҳарбий кемалари исёнчи Абхазия қирғоқларига етиб келди. Россия расмийлари ҳарбий кемалар тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда айирмачи ҳудуд аҳолисига инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш мақсадида Абхазияга етиб келганини билдирди.

Сешанба куни эса Россия томони НАТОни Қора денгизда ўз ҳарбий кемалари фаоллигини оширгани учун танқид қилган эди. Россия бош штаби раҳбари ўринбосари Анатолий Ноговицин Россия ҳарбийлари НАТОнинг Қора денгиздаги кемалари фаолиятини назорат қила бошлаганини маълум қилди.

Юшченко Россия қарорини қоралади
Украина президенти Виктор Юшченко Россиянинг айирмачи Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олганини кескин қоралади.

У Москванинг бундай ҳаракатлари собиқ Совет Иттифоқи минтақалари хавфсизлигига таҳдид эканини таъкидлади.

“Рейтер” ахборот агентлигига интервью берган Украина раҳбари яқин келажакда ўз ҳукумати Россия ҳарбий флоти фойдаланаётган Севастополдаги ҳарбий база учун ижара пулини ошириш масаласини кун тартибига чиқаришни режалаштираётганини маълум қилди.

Миллибэнд Киевга келди
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Миллибанд Россиянинг исёнчи Жанубий Осетия ва Абзазия мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги қарорини муҳокама этиш мақсадида Киевга сафар қилди.

Бу ерда у Украина раҳбари Виктор Юшченко билан учрашди. Учрашувдан сўнг Д.Миллибэнд дунёда совуқ уруш бошлангудай бўлса, масъулият Россия президенти Дмитрий Медведев зиммасига юкланишини таъкидлади.

Буюк Британия Россиянинг бу қароридан ташвиш билдириб, Россиянинг Грузиядаги “агрессия”сига қарши коалиция тузиш лозимлигини билдирмоқда. НАТО эса Россияни Грузиянинг икки айирмачи ўлкаси мустақиллигини тан олиш қароридан воз кечишга чақираётир.

Зўравонликлар яна қурбонликларга олиб келди
Афғонистон бўйлаб рўй берган зўравонликларда полиция ходимлари ва жангарилар нобуд бўлди.

Хабарларга кўра, Ғазна вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида полициянинг тўрт ходими нобуд бўлган. Қундуз вилоятида ҳам йўл четига ўрнатилган мина портлаши оқибатида германиялик ҳарбий ҳалок бўлган, яна уч ҳарбий тан жароҳати олган.

Ҳилманд вилояти расмийлари эса ҳукумат кучларининг минтақада ўтказган ҳарбий амалиёти чоғида 20га яқин жангари йўқ қилинганини билдирди. Душанба куни ҳам мазкур вилоятда рўй берган тўқнашувларда ўнлаб жангари ўлдирилган эди.

Ўғирланган японнинг жасади топилди
Афғонистон расмийлари сешанба куни жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган Япония фуқаросининг жасади топилганини эълон қилди.

26 август куни номаълум шахслар маҳаллий кўмак ташкилотида ишловчи Япония фуқароси ва унинг ҳайдовчисини ўғирлаб кетган эди.

Самолёт ўғрилари таслим бўлди
Ливия оммавий ахборот воситалари Судан миллий авиакомпаниясига тегишли самолётни ўғирлаган шахслар полицияга таслим бўлганини маълум қилди.

Бир гуруҳ номаълум шахслар Дарфурдан пойтахт Хартумга парвоз қилаётган йўловчи самолётини қўлга олган эди. Самолёт Ливиянинг Куфра шаҳрига қўнгандан сўнг гаровгирлар даставвал йўловчиларни, кейинроқ эса экипаж аъзосини ҳам озод қилган эди.

Маълум бўлишича, гаровгирлар даставвал экипаж аъзосидан Парижга парвоз қилишни талаб қилган.

Ҳиллари хоним Обамага тарафкаш бўлди
АҚШ Демократик партиясининг Денвер шаҳрида ўтказилаётган съездида чиқиш қилган сенатор Ҳиллари Клинтон ўз партиядошларини АҚШ президентлигига номзод Барак Обама учун овоз беришга чақирди.

Ҳиллари Клинтон Демократик партия номидан президентликка номзод бўлиш учун айнан Барак Обама билан кураш олиб борган эди, бироқ бу пойгада Барак Обама ғолиб чиқан эди.

Денвердаги съездда чиқиш қилган Ҳ.Клинтон партиядошларини бирлашишга чақириб, демократларнинг ғалаба қозониш фурсати келганини таъкидлади.

28 август куни сенатор Барак Обаманинг Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод сифатида расман тасдиқланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Жанубий Қозоғистонга сув ўтказишни кескин камайтирди
“Дўстиқ” канали орқали Ўзбекистондан Жанубий Қозоғистонга ўтадиган сув ҳажми кескин камайди.

“Югводхоз” сув хўжалиги бошқармасининг хабар қилишича, ҳозир “Дўстиқ” каналига сониясига 45 куб метр сув келиб тушмоқда. Ваҳоланки, бундан аввал Ўзбекистон “Дўстиқ” каналига сониясига 85 куб метр сув ўтказишни ваъда қилганди.

Қозоғистонлик сув хўжалиги мутахассисларининг таъкидича, яқин кунларда Ўзбекистон томонидан сув келиши бутунлай тўхташи мумкин.




  [RFE/RL Logo]
[Navigation]
[www.ozodlik.org]
 
news reports rubrics audio archive contact go-up homepage email print